Ўзбекистон ва Россия ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларгача ошириш йўлини тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 апрель куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Волвач ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган аниқ мақсад – товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга этказишга қаратилган 2024-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси доирасида келишилган лойиҳа ва келишувларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 3 ойида ўзаро савдо ҳажми 2,6 миллиард долларни ташкил этди. Бу даврда Россия Федерациясига экспорт ҳажми 18,2 фоизга ошгани қайд этилди. Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида 3 мингдан ортиқ қўшма ва тўлиқ хорижий корхоналар фаолият юритмоқда.
Томонлар Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Стратегик ташаббуслар эксперт маркази муваффақиятли рўйхатдан ўтганини таъкидладилар. Марказ икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга қўшимча имконият ва таклифлар ишлаб чиқишни мақсад қилган. Унинг мутахассислари бозор конъюнктурасини таҳлил қилиш, шунингдек, истиқболли бизнес лойиҳалар ва ташаббусларни танлаш билан шуғулланади.
Музокаралар якунлари бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантиришнинг барча йўналишларида ишларни давом эттиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.