Ўзбекистон ва Россия газ кимё соҳасидаги ҳамкорликни малака ошириш дастурлари ва технологиялар алмашинуви орқали мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик икки мамлакатнинг газ кимё соҳасида ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда давом этмоқда.
Мутахассислар иштирокидаги халқаро малака ошириш дастурининг навбатдаги босқичи муваффақиятли якунланди. Бу жараён технологиялар алмашинуви, кадрлар тайёрлаш ва инфратузилмани бошқариш соҳаларида чегаралароши ҳамкорликнинг юқори даражада эканини намоён қилди.
Ҳамкорликни ривожлантириш учун асос сифатида 2024 йилда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ҳамда “Абирой” компанияси ўртасида имзоланган меморандум хизмат қилди. Ушбу ҳужжат ишлаб чиқариш ходимларини тайёрлаш ва меҳнат самарадорлигини ошириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликка замин яратди. Келишувлар доирасида замонавий ўқув методларини жорий этиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш кўзда тутилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Газни чуқур қайта ишлаш департаментининг техник бўлим бошлиғи ва директор ўринбосари Хусан Раҳимов таъкидлаганидек, “Абирой” компанияси билан ҳамкорлик Россия ва МДҲ давлатлари корхоналарига илғор технологияларга кириш имконини яратади ва уларни амалдаги ишлаб чиқариш занжирларига интеграция қилишга ёрдам беради. У бу ҳамкорликни икки мамлакат нефть-газ соҳасини модернизация қилиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.
Муҳим натижалардан бири сифатида “Абирой” компанияси томонидан Шўртан газ кимё мажмуаси базасида халқаро стажировка дастурини амалга оширишни бошлаганини қайд этиш мумкин. Ушбу дастур доирасида ўзбек мутахассислари мураккаб ускуналарни эксплуатация қилиш борасида амалий тажрибаси билан ўртоқлашди, россиялик мутахассислар эса ходимларни тайёрлашнинг замонавий услубларини тақдим этдилар. Бундай ҳамкорлик Иркутск полимерлар заводи учун кадрлар тайёрлашга замин яратиб, билим ва компетенциялар алмашинувининг асосини шакллантирди.
2025 йил июль ойида Иркутск полимерлар заводига бизнес-миссия доирасида ташриф буюрилди. Ташриф чоғида “Абирой” компанияси бош директори Дастан Кокеев “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Шўртан ГКМ вакиллари билан учрашди. Музокаралар натижасида ҳамкорликнинг устувор йўналишлари аниқланди ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ қадамлар белгилаб олинди. Кокеев таъкидлаганидек, янги ишлаб чиқаришларни ишга тушириш нафақат техник модернизацияни, балки меҳнатни ташкил этишнинг замонавий ёндашувларини талаб этади. Ўзбекистон билан ҳамкорлик самарали бошқарув тизимини яратишга ёрдам беради.
Ўзбек делегациясининг Иркутск заводига ташрифи газни қайта ишлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлди. Ташриф доирасида ўзбек мутахассислари ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари бўйича маслаҳатлар ўтказди. Шунингдек, Шўртан газ кимё мажмуасининг мутахассислари Аралжон Соҳибов ва Улуғбек Жўраевлар техник маслаҳатчи сифатида заводнинг муҳим ишга тушириш босқичларида иштирок этишга таклиф этилди.
Хусан Раҳимов таъкидлаганидек, Россия ва Ўзбекистон корхоналари ўртасидаги бундай ҳамкорлик ҳукуматлараро иқтисодий ҳамкорлик дастурининг муваффақиятли амалга оширилиши намунасидир. Унинг сўзларига кўра, лойиҳалар нисбатан қисқа муддатда амалга оширилаётган бўлса-да, аллақачон эришилган натижалар нефть-газ соҳасидаги эксперт ва ишлаб чиқариш алмашинувларининг юқори салоҳиятини яққол намоён этмоқда.