Ўзбекистон ва Покистон авиақатновлар ва туризмни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Покистон авиақатновлар ва туризмни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Fly Jinnah” хусусий авиакомпанияси раҳбари Саид Арман Яҳя билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида ҳаво қатновлари географиясини кенгайтириш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш ва авиакомпаниялар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан ҳаво транспорти орқали юк ташишни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Cўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари сиёсий алоқалардан тортиб, савдо, инвестиция, саноат кооперацияси, туризм, маданият ва таълим йўналишларигача изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Ўзбекистон-Покистон ўртасидаги савдо ҳажмини, туристлар оқимини ошириш, қўшма корхоналарни ташкил этиш, Ўзбекистонда фуқаро авиациясини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ва ушбу йўналишда ўз фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ҳақида айтиб ўтилди.
Саид Арман Яҳя “Fly Jinnah” авиакомпанияси, унинг келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, компания 2022 йилда 6 та ҳаво кемаси билан ўз фаолиятини бошлаган. Жорий йил декабрь ойида авиакомпания парки яна 2 та замонавий самолёт билан тўлдирилади. Компания ҳозирги вақтда маҳаллий йўналишлардан ташқари, Саудия Арабистони ва БААнинг қатор шаҳарларига мунтазам авиақатновларни амалга оширмоқда.
– Парвозлар географиясини кенгайтириш доирасида 2026 йилда 4 та янги йўналишда мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштиряпмиз, – деди у. – Шу маънода Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ҳаво транспортида юк ташувларини амалга ошириш, жумладан алоҳида юк рейслари ва LCL-хизматларини йўлга қўйиш, мамлакатимиз орқали учувчи транзит йўловчилар учун қулайлик яратиш ва Тошкент шаҳрини минтақавий хабга айлантириш учун йўловчилар оқимини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон авиакомпаниялари, хусусан “Uzbekistan Airways” АЖ билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан манфаатдормиз.
Учрашув якунида, томонлар муҳокама қилинган масалалар бўйича алоқаларни янада ривожлантириш ва тегишли ташкилотлар билан учрашувлар ташкил этишга келишиб олди.