Ўзбекистон ва Озарбайжон фармацевтика соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — USP ҳамкорлари билан навбатдаги йиллик учрашув доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Озарбайжон Республикасининг “Dərman Vasitələrinin Ekspertiza Mərkəzi” ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Dərman Vasitələrinin Ekspertiza Мəркəзи — Озарбайжон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги муҳим регулятор ташкилотлардан бири бўлиб, мамлакат ҳудудида дори воситалари, биологик препаратлар ва тиббий маҳсулотларнинг хавфсизлиги, сифати ҳамда самарадорлигини баҳолаш билан шуғулланади.
Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасида фармацевтика маҳсулотларини тартибга солиш, дори воситалари хавфсизлигини таъминлаш, фармаконазорат, илмий-тадқиқот ишлари ҳамда малака ошириш йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутади.
Ушбу меморандум фармацевтика соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, соҳа иштирокчилари ўртасида билим ва технологиялар алмашинувини кучайтириш, шунингдек, дори воситаларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлашда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Томонлар мазкур ҳужжат доирасида белгиланган йўналишлар бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, семинар ва тренинглар ўтказиш, шунингдек, ахборот алмашинуви механизмларини яратишга келишиб олдилар.