Ўзбекистон ва Meta инклюзив рақамли иқтисодиёт ва хавфсиз сунъий интеллект моделларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов Meta компаниясининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича давлат сиёсати директори Сарим Азиз билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Meta вакили компаниянинг минтақадаги фаолияти ҳақида маълумот берди ҳамда рақамли трансформация, сунъий интеллект, маълумотлар хавфсизлиги ва инклюзив рақамли иқтисодиётни ривожлантириш масалаларида ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида вазир ўринбосари “Рақамли Ўзбекистон 2030” стратегияси доирасидаги мақсадлар, жумладан, АТ хизматлари экспорти йўналишида АҚШ компаниялари билан олиб борилаётган ишларга тўхталди.
Шунингдек, АТ таълим йўналишлари, “One Million AI Prompters” дастурлари, хорижий компанияларни қўллаб-қувватлаш учун ишлаб чиқилган “Zero Risk” дастури ҳақида маълумот берилди.
Мета вакиллари Ўзбекистоннинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ютуқларини юқори баҳолаб, мамлакат компаниялари учун жаҳон бозорларига рақамли каналлар орқали чиқиш имкониятлари кенгаяётганини таъкидладилар. Шу билан бирга, очиқ инновацион муҳит яратиш ва сунъий интеллектга оид тажрибаларни янада ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашувда ахборот хавфсизлиги, маълумотлар ҳимояси, сунъий интеллект моделларининг очиқ ва хавфсиз ривожланиши масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Мета компанияси таълим соҳасида ҳам қатор ташаббусларни тақдим этди. Шунингдек, компания Ўзбекистон университетлари билан ҳамкорликда стипендия ва пилот лойиҳалар ташкил этишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни сунъий интеллект, АТ таълим ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида кенгайтириш, шунингдек, академик амалиёт дастурлари ва тадқиқотлар йўналишида алоқаларни ривожлантиришга келишиб олдилар.