Валюта курслари 12/12/2025
$1 – 12047.45
UZS – 0.22%
€1 – 14099.13
UZS – 0.79%
₽1 – 151.90
UZS – -2.31%
Қидириш
Ўзбекистон ва Корея хусусий уруғчилик кластерини ташкил этишга келишиб олдилар

Ўзбекистон ва Корея хусусий уруғчилик кластерини ташкил этишга келишиб олдилар

Ўзбекистон ва Корея хусусий уруғчилик кластерини ташкил этишга келишиб олдилар

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Корея Республикасида бўлиб турган Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузухуров “GW International Co., Ltd” компаниясининг молиявий ва савдо директори Хёли Чо билан учрашув ўтказди. Музокараларда Ўзбекистонда хусусий уруғчилик кластерини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Мазкур кластер орқали кореялик олимлар яратган юқори ҳосилдор ва экспортбоп помидор, ширин қалампир, тарвуз, сабзи, брокколи, гулкарам, карам, бақлажон каби сабзавотларнинг J1 дурагайларини етиштириш, саралаш ва замонавий қадоқлаш тизими йўлга қўйилиши режалаштирилган. Учрашув сўнгида томонлар ўртасида Меморандум имзоланди.

Делегация ташрифи давомида Чхунчхоннамдо провинциясидаги “JADAM Institute of Organic Agriculture” илмий марказида ҳам учрашув бўлиб ўтди. Томонлар органик қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш ва илмий-тадқиқот соҳасидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Музокаралар якунида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистонда мева-сабзавот, полиз экинлари етиштирувчи деҳқон хўжаликлари, фермерларга супер арзон агротехнологиялар ўргатилади.

Шунингдек, Korea Rural Community Corporation — KRC корпорацияси раҳбарияти билан учрашувда амалдаги қўшма лойиҳалар ижроси кўриб чиқилди, истиқболдаги янги ташаббуслар муҳокама этилди. Муҳокамаларда, Ўзбекистонда кўчат етиштириш занжирига Корея стандартларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Бу Ўзбекистонда кўчатчилик занжирини яратишга жуда катта ҳисса қўшади. Кўчатлар фермер даласига етиб боргунча бўлган жараёнлар такомиллаштирилади.

Кореяда ҳар бир кўчатнинг «тарихи» бўлиши қатъий талаб сифатида қўлланади: пайвандтаг тури, пайванд қилинган сана, етиштирувчи хўжалик, вирусга қарши тест натижалари каби батафсил маълумотлар QR-кодда жамланади. Шунингдек, ҳар бир нав махсус рангли биркалар билан белгилаб борилади. Бу тизим касаллик манбаини зудлик билан аниқлаш, масъулиятни ошириш ва бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон учун ушбу тажрибани жорий этиш — аграр тармоқда шаффофликни кучайтириш, кўчатчиликда янги стандартларга ўтиш ва экспорт салоҳиятини ошириш сари муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг