Ўзбекистон ва JICA божхона ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Божхона қўмитаси Раиси А. Мавлонов Жаҳон божхона ташкилоти ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) ҳамкорликдаги дастурлари менежери Мотохиро Фуджимитсу билан учрашув ўтказди.
Шу муносабат билан Божхона қўмитасига ташриф буюрган М. Фуджимитсу дастлаб Марказий божхона лабораторияси, Электрон декларациялаш маркази ҳамда Таргетлаш ва хавфларни мониторинг қилиш бошқармаси фаолияти билан яқиндан танишди.
Қўмита Раиси билан бўлиб ўтган икки томонлама учрашувда ҳамкорликнинг келгусидаги истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг мустаҳкамланаётганлиги JICA билан алоқаларга ҳам янгича суръат бахш этмоқда.
Давлатимиз Раҳбарининг жорий йил бошида ушбу нуфузли ташкилот раҳбари А. Танака билан учрашувидан сўнг божхона хизматини модернизация қилиш йўналишидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланди дейиш мумкин.
Божхона қўмитаси ходимлари ушбу ташкилотнинг Хавфларни бошқариш бўйича тренерларни тайёрлаш ва Товарларни чиқариш вақти тадқиқоти (ТRS) дастурларида фаол иштирок этиб келишмоқда.
Бу эса Ўзбекистон божхонасидаги иқтидорли ходимларни халқаро даражадаги экспертлар сифатида тайёрлаш ва уларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этиш бўйича улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, божхона экспертизаси ва божхона қийматини аниқлаш соҳаларида ҳам ўзбекистонлик божхоначилар орасидан халқаро даражадаги экспертларни тайёрлаш мумкинлиги қайд этилди.
Учрашувда Жаҳон божхона ташкилоти Япония божхона хизмати билан ҳамкорликда 2009 йилдан бери амалга ошириб келинаётган Карьерани ривожлантириш дастурида ўзбекистонлик божхоначиларнинг иштирокини кенгайтириш таклифи илгари сурилди. Мазкур дастур божхона ходимларига ЖБТ котибиятида 10 ойлик стажировка ўташ имконини беради.
Учрашувда йилига 500 мингга яқин объект бўйича экспертизаларни амалга ошириб келаётган Марказий божхона лабораторияси фаолиятини янада такомиллаштириш истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, бу борада Япония амалиётини ўрганиш, жумладан янги турдаги экспертиза йўналишларини жорий этиш ва ушбу соҳада тренер-экспертларни тайёрлаш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзаро мулоқотда чегара божхона постларини замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш масаласи ҳам кун тартибидан жой олди.
Боиси трансчегаравий савдо ҳажмининг ортиб бораётганлиги сабабли божхона постларида иш юкламаси йилдан йилга ошиб боради. Бундай шароитда божхона назоратига сарфаланадиган вақтни қисқартириш ва самарадорликни оширишни фақатгина замонавий техник воситалар кўмагида таъминлаш мумкин.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиш ва бу борадаги ҳаракатларни ўзаро қўллаб-қувватлаш истагини билдиришди.