Валюта курслари 12/12/2025
$1 – 12047.45
UZS – 0.22%
€1 – 14099.13
UZS – 0.79%
₽1 – 151.90
UZS – -2.31%
Қидириш
Ўзбекистон ва Жанубий Корея пенсия таъминоти бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва Жанубий Корея пенсия таъминоти бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва Жанубий Корея пенсия таъминоти бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 11-12 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида Пенсия жамғармаси раҳбарияти ва Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги ҳамда Миллий Пенсия Хизмати делегацияси вакиллари ўртасида пенсия таъминоти соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувда Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори М.Атаджанов, Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги директори ўринбосари Чо Ён Ҳе, Миллий Пенсия хизмати вакили Квон Ки Джун ҳамда томонлардан соҳа мутахассислари ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг пенсия таъминоти тизими, асосий вазифа ва мақсадлари, соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар тўғрисида суҳбатлашилди.

Бунда икки давлат фуқароларининг пенсия таъминотини олишда мавжуд муаммолар, уларни бартараф этишга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро мулоқот якунида томонлар "Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида ижтимоий таъминот тўғрисида битимни амалга ошириш бўйича ваколатли органлар ва ваколатли агентликлар ўртасида музокараларнинг келишув баённомаси"ни имзолади. Мазкур ҳужжат икки давлат ўртасидаги пенсия соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши билан аҳамиятлидир.

Учрашув якунида келгусида ҳам ўзаро мулоқотни давом эттириш, пенсия таъминоти бўйича ўзаро тажриба алмашиш ҳамда уни амалиётга қўллашга келишиб олинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР