Валюта курслари 06/02/2026
$1 – 12279.48
UZS – 0.11%
€1 – 14508.21
UZS – 0.11%
₽1 – 159.25
UZS – 0.11%
Қидириш
Ўзбекистон ва Жаҳон банки рақамли трансформация соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Жаҳон банки рақамли трансформация соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Жаҳон банки рақамли трансформация соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича Жаҳон банкининг рақамли йўналиш менежери Исабел Нето хоним бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистонда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилиниб, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, давлат хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларини янада яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган рақамли ислоҳотларни, жумладан, телекоммуникация соҳасидаги ўзгаришларни, шунингдек, АКТ инфратузилмасини кенгайтиришга инвестицияларни жалб этиш ҳамда IТ таълими ва малака ошириш дастурларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.

Телекоммуникация ва алоқа инфратузилмаси соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, маълумотларни сақлаш (дата ҳостинг) ва булутли технологиялар имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, хусусий сектор иштирокида хизматлар кўрсатишни модернизация қилиш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Шунингдек, учрашув давомида киберхавфсизлик, рақамли хизматлар кўрсатиш, стартап ва инновацион экотизимни қўллаб-қувватлаш учун зарур кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистон рақамли инклюзия лойиҳаси” ижросини ҳам кўриб чиқди. Мазкур лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT Park томонидан амалга оширилмоқда ва мамлакат бўйлаб, жумладан, чекка ва қишлоқ ҳудудларда яшовчи минглаб ёшлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун рақамли кўникмалар ва АТга асосланган хизматлар соҳасида бандлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни давом эттириш ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга содиқликларини тасдиқлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг