Ўзбекистон ва Жаҳон банки “Better Work Uzbekistan” дастурини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 16-октабр куни Жаҳон банки гуруҳи ва ХВЖнинг йиллик учрашувлари доирасида Халқаро молия корпорацияси, Жаҳон банки гуруҳи ва «Better Work» дастури вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Халқаро молия корпорациясининг Ишлаб чиқариш, агробизнес ва ўрмон хўжалиги бўйича глобал директори Вагнер Албукерке де Алмейда, Жаҳон банки гуруҳининг экологик ва ижтимоий хатарлар бўйича директори Ларисса Луй, «Better Work» дастури директори Рупа Найр ва бошқа масъул вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривонлантириш ҳамда «Better Work» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, халқаро ҳамкорлар иштирокида «Better Work Uzbekistan» дастурини ривожлантириш, жумладан, «Better Work Uzbekistan» дастурининг географик ва тармоқ доирасини кенгайтириш, янги корхоналарни дастурга жалб этиш, ҳамда соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар енгил саноат, хусусан тўқимачилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган янги ташаббусларни шакллантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар якунида томонлар «Better Work Uzbekistan» дастури доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқаро тажриба алмашувини кенгайтириш ва узлуксиз мулоқот механизмини йўлга қўйиш юзасидан келишиб олди.