Ўзбекистон ва Ироқ савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда
Ўзбекистон ва Ироқ савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ироқ Республикасига амалга оширилган ишчи ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Гуламов Ироқнинг асосий давлат органлари ва ишбилармон доиралари раҳбарияти билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди, шунингдек Бағдод шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Ироқ бизнес-форумида иштирок этди.
Хусусан, Ироқ Саноат ва минерал ресурслар вазири ўринбосари Жума ал-Баҳадли, Савдо вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Ғассан Ҳамид, Ироқ Миллий инвестиция комиссияси раиси ўринбосари Салар Муҳаммад Амин, Ироқ саноатчилар уюшмаси раҳбари Адил Аккаб ҳамда Ироқ Иқтисодий кенгаши раиси Иброҳим ал-Бағдодий билан музокаралар ўтказилди.
Учрашувлар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо ва тартибга солувчи тўсиқларни бартараф этиш, устувор ўзбек маҳсулотлари бўйича тарифларни оптималлаштириш, сертификатлаш тартиб-таомилларини тезлаштириш ҳамда минтақавий транспорт хабларидан фойдаланишни ўз ичига олган логистика инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Қурилиш материаллари, тўқимачилик ва гилам маҳсулотлари, озиқ-овқат ҳамда заргарлик буюмлари экспортини кенгайтириш, шунингдек ўзбек компанияларининг Ироқ бозорига чиқиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистоннинг Ироқдаги элчихонаси ва Ироқ Иқтисодий кенгаши кўмагида ташкил этилган бизнес-форумда сўзга чиққан Шохрух Гуламов савдонинг Ўзбекистон–Ироқ иқтисодий ҳамкорлигини чуқурлаштиришдаги устувор аҳамиятини, шунингдек икки томонлама товар айирбошлашда сезиларли даражада фойдаланилмаётган салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Саноат ва минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, минерал хомашёни қайта ишлаш, рафинировка қилинган металлар, муҳандислик хизматлари ва ускуналар етказиб бериш истиқболлари муҳокама қилинди.
Форумда Ироқнинг давлат органлари ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат 150 нафардан ортиқ иштирокчи, шунингдек озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика, электротехника, мебелсозлик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритаётган 25 та етакчи компания ва тадбиркорлар қатнашди. Тадбир давомида Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги, саноат ва экспорт салоҳияти тақдим этилди, B2B учрашувлар ўтказилди ҳамда ишбилармонлик алоқаларининг амалий самарадорлигини ошириш мақсадида ўзбек маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Ташриф якунида Ироқ томонига Ўзбекистонга ташриф буюриш ҳамда Ўзбекистон–Ироқ Қўшма иқтисодий қўмитасининг биринчи йиғилиши ва бизнес-форумини ўтказиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.