Ўзбекистон ва Германия стратегик ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро маслаҳатлашувларга тайёргарлик кўрмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида 2025 йил 8 октябрга белгиланган ҳукуматлараро маслаҳатлашувларга тайёргарлик доирасида Германия Федератив Республикасининг Тошкентдаги Элчихонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар маслаҳатлашувлар кун тартибини муҳокама қилиб, тегишли вазирлик ва идораларни жалб этиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарсозлик ва иқлим соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Алоҳида эътибор қиймати 152 миллион евро бўлган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича битимни имзолашга қаратилди. Ушбу ҳужжат грант маблағларини ҳам ўз ичига олади.
Учрашув иштирокчилари барқарор ривожланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги ташаббусларнинг аҳамиятини ҳам қайд этдилар.
Бўлиб ўтадиган маслаҳатлашувлар стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.