Валюта курслари 21/10/2025
$1 – 12060.15
UZS – -0.4%
€1 – 14064.55
UZS – -0.74%
₽1 – 148.87
UZS – -0.15%
Қидириш
Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигида тиббиёт кадрларини тайёрлашнинг янги босқичи бошланди

Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигида тиббиёт кадрларини тайёрлашнинг янги босқичи бошланди

Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигида тиббиёт кадрларини тайёрлашнинг янги босқичи бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 1-сон Республика Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми базасида ташкил қилинган "Германия тиббиёт академияси" лойиҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Германиянинг Аахен университет клиникаси (Европадаги даволаш бўйича иккинчи йирик клиника) ҳамда Швейцариянинг “Globogate Concept AG” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилмоқда.

Академия Германия–Ўзбекистон ҳамкорлигининг муҳим босқичи бўлиб, юқори малакадаги ўрта тиббиёт мутахассисларини Германия стандартлари асосида тайёрлаш, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва ҳамюртларимиз учун чет мамалакатларнинг нуфузли клиникаларида тажриба алмашиш, янги имкониятлар яратишни мақсад қилган.

Эътиборлиси, бундай таълим масканлари мамлакатимиздаги 15 та Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида Ўзбекистон ва Германия таълим дастурларини уйғунлаштирган ҳолда босқичма-босқич жорий этилмоқда. 2025-2026 ўқув йили учун 750 та махсус квота ажратилди.

Илгари Германияда тиббиёт соҳасида ишлаш истагидаги "ҳамширалик иши" йўналишида дипломи борлар билан шартнома қилинарди ва Германия стандартларига қайта тайёрланарди. Номзодлар ушбу давлатга боргач, яна 6–8 ой вақтни мослашиш учун сарфларди.

Эндиликда, бу жараённи Ўзбекистондаёқ амалга ошириш имкони яратилди.

Академияга мақсадли қабуллар асосида Германияда ишлаш истагида бўлган номзодлар танлаб олинади.

Талабалар 3 йиллик ўқиш давридаёқ Германия тиббиёт стандартлари асосида таҳсил олиб, икки давлат томонидан тан олинадиган диплом ва B2 даражадаги немис тили сертификатига эга бўладилар.

Ушбу диплом билан улар Германияда тўғридан-тўғри малакали ўрта тиббиёт ходими сифатида ишлаш ҳуқуқини қўлга киритадилар.

Шунингдек, Германияда фаолият юритаётган мутахассисларимиз оила аъзоларини ҳам ўзлари билан олиб бориш имкониятига эга бўладилар.

"Германия тиббиёт академияси" лойиҳаси — нафақат халқаро таълим ва меҳнат бозорига интеграция намунаси, балки фуқароларимизни хорижда малакали мутахассис сифатида юқори даромадли соҳаларда фаолият олиб боришлари учун хизмат қилувчи маскандир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг