Ўзбекистон ва Германия: аграр соҳадаги ҳамкорликнинг янги босқичи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Германия Бундестаги (парламенти)нинг Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва ватан қўмитаси депутати Херманн Фербер билан учрашув ўтказди. Мулоқотда икки давлат ўртасидаги аграр соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда янги қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон ва Германия ўртасида амалга оширилаётган аграр лойиҳалар, хусусан қўшма дастурлар, ўқув алмашувлари ва техник ҳамкорлик ишлари ҳақида фикр алмашилди. Германия тажрибаси, айниқса, замонавий технологияларни жорий этиш ва таълим тизимининг амалий йўналишга қаратилганлиги билан эътироф этилди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини таъкидлаб, дуал таълим тизимига алоҳида эътибор қаратдилар. Мазкур тизимда талабалар назарий билимни олий таълим муассасасида олади, амалий кўникмаларни эса ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлайди.
Келгусида ўзбекистонлик ёш фермерлар ва аграр йўналишдаги талабаларни Германияда амалий тажриба орттиришига имкон берувчи янги қўшма дастур ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Бу ташаббус Ўзбекистон аграр соҳасига халқаро миқёсдаги билим ва илғор ёндашувларни олиб киришга хизмат қилади.
Учрашув давомида чорвачилик, рақамлаштириш ва балиқчилик йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш, Германиянинг илғор технологияларини Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига жорий этиш орқали соҳа самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида вазир аграр соҳада ўзаро ишончга асосланган, узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди.