Ўзбекистон ва Финляндия етакчилари икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни Финляндия Президенти Александр Стубб билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон билан Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари Финляндия Президентининг мамлакатимизга бўлажак ташрифига тайёргарлик нуқтаи назаридан атрофлича кўриб чиқилди.
Конструктив сиёсий мулоқотлар ва парламентлараро алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. 2024 йилда товар айирбошлаш 24 фоизга ошди. 2022 йилдан мамлакатимизда Финляндиянинг "Нордик" университети муваффақиятли фаолият юритмоқда, мактаб таълимини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги, кимё, энергетика, кончилик, телекоммуникация ва бошқа инновацион тармоқларда кооперацияни йўлга қўйиш, жумладан, таълим тизимига илғор технологияларни жорий этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Аниқ лойиҳаларни тайёрлаш учун Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Низоларни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.
#Шавкат Мирзиёев