Ўзбекистон ва Эрбил қўшма бизнес кенгашини тузишга келишиб олдилар
Ўзбекистон ва Эрбил қўшма бизнес кенгашини тузишга келишиб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Ироқ Республикасига амалга оширилган ишчи ташриф доирасида Эрбил Савдо-саноат палатаси президенти Гаилан Ҳожи Саид билан учрашди.
Эрбил — Ироқнинг Курдистон автономиясида жойлашган бўлиб, аҳолиси 3 миллиондан ортиқ. Вилоят минтақанинг энг қадимий ва шу билан бирга жадал ривожланаётган иқтисодий, савдо ва маданий марказларидан бири ҳисобланади.
Мазкур учрашув икки томонлама иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги ишбилармонлик ташаббусларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Ироқ, хусусан Курдистон минтақаси ўртасидаги савдо-саноат муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда давомида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, бизнес ташрифлар ва қўшма тадбирлар ташкил этиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида томонлар ўртасида илк бор англашув тўғрисида меморандум имзоланиб, Ўзбекистон-Эрбил Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Мазкур ҳамкорлик икки мамлакат тадбиркорлари учун янги имкониятлар эшигини очиб, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ўрнатишга хизмат қилади.