Ўзбекистон ва e& телекоммуникация инфратузилмаси ва рақамли хизматларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва e& телекоммуникация инфратузилмаси ва рақамли хизматларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 5 февраль куни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Бирлашган Араб Амирлигининг 189 миллион абонентга эга ва дунёнинг 38 та давлатида хизмат кўрсатаётган e& (Etisalat And) (Emirates Telecommunications Group Company PJSC) делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Марказий Осиё ва Яқин Шарқ минтақаларида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда технологик ва инфратузилмавий интеграция имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорлик маркази сифатидаги стратегик ўрнига алоҳида эътибор қаратдилар.
Музокаралар доирасида e& делегацияси компаниянинг глобал фаолияти, халқаро бозорлардаги тажрибаси ҳамда телекоммуникация ва рақамли хизматлар соҳасидаги устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Вазир Шерзод Шерматов Ўзбекистонда сўнгги йилларда телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш ва халқаро инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
Ташриф доирасида делегация IТ Park фаолияти, шунингдек, Ягона интегратор — UZINFOCOM томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Давлат бошқаруви ва хизматлар кўрсатиш соҳасида рақамли ечимларни жорий этиш бўйича эришилган натижалар, шунингдек, Ўзбекистонни минтақавий ва халқаро АТ-ҳабга айлантириш йўлидаги устувор вазифалар тақдим этилди.
Учрашув якунида томонлар келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма ташаббус ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, минтақавий рақамли боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.