Ўзбекистон ва Болгария меҳнат миграцияси бўйича давлатлараро келишув тайёрламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон фуқаролари учун яна бир эшик очилди – Болгария каби Европанинг тараққий этган давлатида расман ва қонуний ишлаш имконияти кун тартибида.
Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ва Болгария Республикаси Парламентининг, меҳнат ва ижтимоий сиёсат қўмитаси раиси Деница Сачева хоним ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Унда меҳнат миграцияси, ишчи кучини тайёрлаш ва фуқароларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Болгар иш берувчилари ўзбекистонликларни интизомли, мослашувчан ва масъулиятли деб баҳолади.
Болгария томони турли иқтисодиёт тармоқларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик фуқароларнинг меҳнат интизоми, мослашувчанлиги ва масъулиятини юқори баҳолади.
Ҳозирги кунда томонлар қуйидагиларни назарда тутувчи икки томонлама давлатлараро келишувни тайёрлаш устида фаол иш олиб бормоқда:
– Ўзбекистон фуқаролари учун расмий ва ҳимояланган меҳнат фаолияти шаклини таъминлаш;
– Ваколатли агентлик орқали юбориладиган меҳнат мигрантлари учун ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя кафолатлари;
– Хорижда ишчиларнинг муваффақиятли мослашуви учун молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари.
Болгария Ички ишлар вазирининг ўринбосари Любомир Йосифов билан учрашувда меҳнат миграциясини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш, Ўзбекистон фуқаролари учун шарт-шароитларни яхшилаш ва маъмурий жараёнларни соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ишчи визаларни бериш жараёнини тезлаштириш ва ҳужжатларни расмийлаштириш муддатларини қисқартириш зарурлиги таъкидланди.
Болгария томони қўшма ишчи гуруҳ тузиш ташаббусини қўллаб-қувватлади ва тизимли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, ҳозирча тўлиқ амалга оширилмаган давлатлараро келишув меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий ҳимояси имкониятларини чеклаётгани қайд этилди ва бу бўшлиқни яқин вақтда бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.
Меҳнат бозоридаги ишчи кучига бўлган катта эҳтиёж ушбу ҳамкорликнинг долзарблигини янада оширмоқда. Болгария Саноат капитали ассоциацияси кузатув кенгаши раиси Румен Радев маълум қилишича, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, меҳмонхона ва ресторан бизнеси каби соҳаларда ҳозирги кунда 80 мингдан зиёд бўш иш ўринлари мавжуд.
"Болгария иш берувчиларининг фикрига кўра, Ўзбекистондан келган фуқаролар ўзининг меҳнатсеварлиги, қонуний талабларга қатъий риоя қилиши, юқори тарбияси билан болгар халқи орасида юқори ҳурматга эга" , - дея таъкидлади Болгария Саноат Капитали Ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Румен Радев.
Шундай қилиб, ушбу ташаббус Ўзбекистон фуқаролари учун хавфсиз, ташкил этилган ва узоқ муддатли меҳнат фаолиятини таъминлаш учун ишончли асос яратмоқда ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларида иқтисодий ва ижтимоий интеграция учун ҳақиқий имкониятлар очмоқда.