Ўзбекистон ва БМТ кенг кўламли шерикликни кенгайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.
Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича миллий вазифаларни амалга ошириш доирасида БМТ билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Антониу Гутерришни БМТнинг юбилей сессияси билан самимий табриклаб, унинг ташкилот тизимини замонавий воқеликка мос равишда ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон ва БМТ шериклигида мисли кўрилмаган юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. 160 дан ортиқ дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Октябрь ойида беш йилга мўлжалланган янги Ҳамкорлик дастури имзоланиши кутилмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди. Ўзбекистон ЭКОСОС, Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита, Статистика комиссияси каби нуфузли тузилмаларга аъзо этиб сайланди.
Ўзбекистон ташаббуси билан эртага БМТ бош қароргоҳида болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашиш бўйича юқори даражадаги форум бўлиб ўтади. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференциясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президентининг Бош Ассамблеянинг юбилей сессиясидаги нутқига юксак баҳо бериб, унинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Янги Марказий Осиёни шакллантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, ёшлар, маърифатпарвар ислом дини ва бошқа соҳаларда глобал ҳамкорликни илгари суриш борасидаги ташаббуслари муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Суҳбат чоғида долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида устувор йўналишларда кенг кўламли шерикликни ривожлантириш, ҳамкорликнинг янги дастур ва лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
#Шавкат Мирзиёев