Валюта курслари 21/10/2025
$1 – 12060.15
UZS – -0.4%
€1 – 14064.55
UZS – -0.74%
₽1 – 148.87
UZS – -0.15%
Қидириш
Ўзбекистон ва Беларус экспертлари экологик экспертиза соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Беларус экспертлари экологик экспертиза соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Беларус экспертлари экологик экспертиза соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси марказида Беларус Республикаси Табиат ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси, кадрлар тайёрлаш, малака ошириш ва қайта тайёрлаш Республика маркази делегацияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур Меморандум икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва экология соҳасидаги илмий-амалий алоқаларни ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини юксалтиришга қаратилган. Меморандумнинг асосий йўналишлари:

1.    Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, давлат экологик экспертизаси жараёнларини такомиллаштириш ва замонавий илмий ёндашувларни амалиётга жорий этиш.

2.    Ўзбекистон ва Беларус экспертлари учун қўшма семинарлар, малака ошириш курслари ва илмий-амалий форумларни ўтказиш орқали тажриба алмашишни кучайтириш.

3.    Экологик экспертиза жараёнларида рақамли маълумотлар базаси, онлайн таҳлил тизимлари ва инновацион усулларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилиш.

4.    Икки мамлакат олимлари ва мутахассислари ўртасида илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида қўшма тадқиқотларни амалга ошириш..

5.    Ҳамкорликда экологик нормалар ва қоидалар, стандартлар, услубий ва ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш

6.    Экологик экспертиза ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ташаббуслар доирасида биргаликда иштирок этиш.

Мазкур ҳужжат  экологик соҳада  икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди. Шу орқали экология йўналишида кадрлар салоҳиятини ошириш, инновацион ёндашувлар ва илмий янгиликларни амалиётга татбиқ этиш кўзда тутилган.

 Меморандум, шунингдек, ахборот алмашинуви, малака ошириш, илмий тадқиқотлар ва экспертлар учун махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқиш каби йўналишларни ҳам ўз ичига олади.

Тадбирда иштирок этдилар:

Беларус Республикаси делегацияси раҳбари, Республика маркази директори Александр Булак;

Ўзбекистон томонидан “Давлат экологик экспертизаси маркази” ДМ бош директори Ғайрат Мухамедов;

Икки давлат вазирликлари ва муассасалари вакиллари, экологик экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.

Кутилаётган натижалар:

Меморандумни амалга ошириш натижасида:

Ўзбекистон ва Беларус ўртасида экологик экспертиза соҳасидаги ҳамкорлик институционал даражада мустаҳкамланади;

Халқаро экологик талабларга мувофиқлашган норматив-техник ҳужжатлар, стандартлар ишлаб чиқишда илмий-техникавий ҳамкорлик йўлга қўйилади;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизими ривожланади;

икки мамлакат экспертлари ўртасида доимий ахборот алмашинуви ва ҳамкорлик платформаси яратилади.

Маълумот учун

Беларус делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи 2025 йил 20–23 октябрь кунлари давом этади. Ташриф доирасида Тошкент шаҳридаги Давлат экологик экспертизаси маркази, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ва Қўнғирот сода заводидаги учрашув ва ташрифлар режалаштирилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг