Ўзбекистон ва Aviagen паррандачилик кластерини яратишни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Aviagen паррандачилик кластерини яратишни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Акрам Алиев “Aviagen EU” компанияси директори Тярк Остерндорфф билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида мазкур хорижий компания томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган паррандачилик кластерини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаси юзасидан атрофлича музокаралар олиб борилди.
Хусусан, лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш жараёни, унинг бугунги ҳолати ва галдаги босқичлари ҳамда ишлар суръатини жадаллаштириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар лойиҳанинг қисқа муддатларда самарали якунланишини таъминлаш мақсадида доимий алоқада бўлиш ва ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
« Aviagen» - паррандачилик генетикаси соҳасида дунёнинг етакчи брендларидан бири бўлган халқаро компания ҳисобланади. У гўшт йўналишидаги паррандачилик (бройлер ва куркалар) учун юқори маҳсулдор наслли материалларни селекция қилиш, ишлаб чиқиш ва етказиб беришга ихтисослашган.