Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари стратегик шерикликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг музокаралари бўлиб ўтди. Учрашув БМТ бош қароргоҳида, ташкилот Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида бўлиб ўтди.
Етакчилар Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилдилар.
Минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Жорий йил 5 сентябрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот якунида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Президент Дональд Трампни ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишдаги юксак муваффақиятлари билан самимий табриклади. Унинг халқаро ва минтақавий миқёсдаги ўткир можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги шахсий ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, АҚШ етакчиси Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва халқаро нуфузни юксалтиришга қаратилган ортга қайтмас ислоҳотларни яна бир бор қўллаб-қувватлади.
Турли даражалардаги сиёсий мулоқот ва алмашинувлар жадал ривожланиб бораётгани, ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди.
АҚШ Президенти куни кеча Ўзбекистон етакчисининг АҚШнинг 50 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан ўтказган учрашув ва музокараларининг самарали натижаларини юксак баҳолади.
Фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, муҳим минераллар, молия, инновациялар, кимё, энергетика ва бошқа устувор йўналишларда шартномалар ва истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Ушбу лойиҳа ва келишувлар икки мамлакатда ўн минглаб янги иш ўринларини яратиши таъкидланди.
Музокаралар якунида давлатимиз раҳбари Президент Дональд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг учрашуви очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтди.
#Шавкат Мирзиёев