Валюта курслари 29/10/2025
$1 – 12004.47
UZS – -0.41%
€1 – 13993.61
UZS – -0.24%
₽1 – 150.22
UZS – -1.45%
Қидириш
Ўзбекистон уруғлари — Свалбард Бутунжаҳон уруғ омборида

Ўзбекистон уруғлари — Свалбард Бутунжаҳон уруғ омборида

Ўзбекистон уруғлари — Свалбард Бутунжаҳон уруғ омборида

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Ўзбекистоннинг қадимий ва маҳаллий экинларига оид уруғ намуналари Норвегияда жойлашган дунёдаги энг йирик ва хавфсиз уруғ сақлаш маскани — Свалбард Бутунжаҳон Уруғ Сақлаш Генбанки (Svalbard Global Seed Vault) га топширилди.

Ушбу муҳим ташаббус Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Nordic Genetic Resource Center (NordGen) ўртасидаги самарали халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилди.

Мазкур жараён Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик хилма-хиллигини сақлаш, миллий генофондни мустаҳкамлаш ва халқаро миқёсда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларида муҳим босқич бўлди. Свалбарддаги омборга топширилган уруғлар ўзбек деҳқончилик маданиятининг бебаҳо мероси — қадимий навлар ва маҳаллий экотипларнинг генетик намуналарини ифодалайди. Топширилган коллекция ичида қовун, тарвуз, помидор, қалампир, бақлажон, сабзи, пиёз ва буғдойнинг 20 дан ортиқ маҳаллий навлари бор. Айниқса, буғдойнинг маҳаллий «Қайроқтош» нави алоҳида аҳамиятга эга.

Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти вакилларининг таъкидлашича, бу ташаббус Ўзбекистоннинг ўсимликлар хилма-хиллигини асраб-авайлаш, глобал озиқ-овқат хавфсизлигига ҳисса қўшиш ва генетик ресурсларни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш йўлидаги қатъий позициясини намоён этади.

Свалбард Бутунжаҳон уруғ омбори Арктика музликлари бағрида жойлашган ва -18°С ҳароратда доимий ишлайдиган глобал генбанк бўлиб, ҳозир бу ерда 1,1 миллиондан ортиқ уруғ намуналари сақланмоқда. Ушбу маскан дунё бўйлаб фаолият юритувчи ген банкларида мавжуд уруғларнинг захира нусхаларини узоқ муддатли сақлашни таъминлайди. Бундай тизим табиий офатлар, урушлар, молиявий инқирозлар ёки техник носозликлар туфайли ўсимлик турларининг йўқолиб кетиш хавфини камайтиради ва бутун дунё учун барқарор озиқ-овқат таъминотини кафолатлайди. Свалбард Бутунжаҳон уруғ омбори Норвегия ҳукумати, Crop Trust ташкилоти ва Nordic Genetic Resource Center (NordGen) ўртасидаги уч томонлама келишув асосида бошқарилади.

Ўзбекистоннинг Свалбард уруғ омборига қўшилиши мамлакатнинг глобал илмий ҳамжамиятдаги ўрни ва генетик ресурсларни асраш бўйича халқаро мажбуриятларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. ФАО ва НордГен билан ҳамкорликда амалга оширилган ушбу ташаббус нафақат миллий генофондни мустаҳкамлаш, балки минтақада барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.

Ушбу қадам — Ўзбекистоннинг аграр илм-фани, тарихий мероси ва глобал озиқ-овқат хавфсизлигига қўшган амалий ҳиссасининг ёрқин ифодасидир.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг