Ўзбекистон Туркманистон кўмагида Яқин Шарқдаги можаро ҳудудидан ўз фуқароларини ватанига қайтармоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Яқин Шарқдаги мураккаб вазият туфайли қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларини хавфсиз равишда Ватанига қайтариш бўйича фаол чора-тадбирлар кўрмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.
Бунда Туркманистон раҳбарияти ташаббуси билан ушбу давлат ўз ҳудудини транзит мақсадлари учун тақдим этгани, халқаро гуманитар ёрдам кўрсатишдаги фаол иштироки ва улкан ҳиссаси, мамлакат чегара пунктлари, вокзал ва аэропортларида яратилган қулай шароитлар, кўп сонли давлатлар фуқароларининг тезкор ва хавфсиз эвакуация қилинаётганлиги халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг кўрсатмаларига мувофиқ, мамлакатимизнинг Теҳрон ва Ашхободдаги дипломатик ваколатхоналарда кечаю-кундуз ишлайдиган тезкор штаблар тузилди. Тезкор штаб Эронда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини Туркманистон орқали Ватанига қайтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширмоқда.
Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонаси ватандошларимизнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича доимий алоқа ва мувофиқлаштирув ишларини олиб боряпти. Ашхободдаги элчихонамиз эса Туркманистон расмийлари билан ҳамкорликда фуқароларини чегарада кутиб олиш, виза ва транспорт масалаларини ҳал этиш ҳамда Ватанига қайтариш жараёнини самарали ташкил этмоқда.
Бугунги кунга қадар Эрондан Туркманистон орқали жами 60 га яқин Ўзбекистон фуқаролари Ватанга қайтарилди.
Ушбу чора-тадбирлар Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш устувор аҳамиятга эга эканини, ҳамда минтақадаги давлатлар ўртасидаги яқин қўшничилик ва ҳамжиҳатликни яна бир бор тасдиқлади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг ҳеч бир фуқароси эътиборан четда қолмайди ва Ватанига етиб олиши учун барча тегишли чоралар кўрилади.