Валюта курслари 30/05/2025
$1 – 12768.26
UZS – -0.49%
€1 – 14400.04
UZS – -0.98%
₽1 – 162.63
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 15/05/2025 Ўзбекистон-Туркия савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши ва бизнес-форум бўлиб ўтди

Ўзбекистон-Туркия савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши ва бизнес-форум бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 15 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир доирасида шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида Ўзбекистон–Туркия бизнес-форуми ва саноат кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Туркия Республикаси Вице-президенти Жевдет Йилмаз бошчилигидаги расмий делегациялар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан макроиқтисодий барқарорлик ва ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатини камида 6 % даражасида таъминлаш, 2030 йилга бориб, уни 200 млрд долларга етказиш ва шу аснода аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартириш асосий вазифа сифатида белгилаб берилган.

Ушбу мақсадларга эришишда Туркия мамлакати билан савдо-иқтисодий муносабатларни янада чуқурлаштириш, инвестисия ва саноат кооперация алоқаларини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда ҳозирда
2 мингдан ортиқ Туркия компаниялари фаолият юритмоқда, бу икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг изчил ривожланаётганидан далолат беради.

2024 йилда Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик Кенгашининг 3-йиғилиши ва унинг доирасида илк бора ўтказилган Ишбилармон доира вакиллари билан учрашув сўнгги йилларда икки мамлакат раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлиги мутлақо янги поғона — кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларига олиб чиқилганининг яққол белгисидир.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик Кенгашининг 1-йиғилиши 2020 йил 19 февраль куни Анқарада, 2-йиғилиши 2022 йил 29 март куни Тошкентда, 3-йиғилиши 2024 йил 6 июнда Анқарада бўлиб ўтган.

Конструктив ва ўзаро англашув руҳида кечган Комиссия йиғилишида икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолати чуқур таҳлил қилинди. Мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажмини янада кенгайтириш, сармоявий фаолликни ошириш ва секторлараро интеграцияни чуқурлаштириш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Муҳокамалар давомида қуйидаги устувор йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш юзасидан келишувга эришилди:

·       саноат кооперацияси (чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебель, шиша маҳсулотлари, фармацевтика);

·       давлат харидлари ва шаҳарсозлик сиёсатида тажриба алмашиш;

·       профессионал таълим ва кадрлар тайёрлаш;

·       кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш;

·       “яшил иқтисодиёт” ва барқарор ривожланишга йўналтирилган қўшма лойиҳаларни илгари суриш;

·       давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмлари орқали стратегик ташаббусларни амалга ошириш.

Таъкидланишича, 2024 йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Йиғилиш давомида яқин йилларда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ режа ва йўл хариталари ишлаб чиқилди. Бу борада экспорт-импорт операцияларини соддалаштириш, божхона тартиб-таомилларини мослаштириш ва бизнес учун қулай муҳит яратиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Куннинг иккинчи ярмида ўтказилган бизнес-форумда Ўзбекистонда фаолият юритаётган ва янги лойиҳаларни режалаштираётган турк компаниялари вакиллари иштирок этди. Саноат кўргазмаси эса икки мамлакат тадбиркорларига ишлаб чиқариш салоҳияти, технологик имкониятлар ва ҳамкорлик истиқболларини намойиш қилиш имконини берди.

Туркия томони Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни ижобий баҳолаб, мамлакатдаги инвестициявий муҳитнинг барқарор ва жозибадорлигини қайд этди. Кўплаб турк компаниялари келгусида янги лойиҳаларни бошлашга тайёр эканлигини билдирди.

Мазкур йиғилиш ва унинг доирасида имзоланган келишувлар, шунингдек, бизнес-форум натижалари Ўзбекистон–Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик Кенгашининг навбатдаги мажлис кун тартибини мазмунан бойитишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ушбу воқеа Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона ва кўп қиррали стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг