Ўзбекистон транспорт соҳасида янги авлод давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари сурмоқда
Ўзбекистон транспорт соҳасида янги авлод давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари сурмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда "ДХШ бўйича III давра суҳбати – Давлат-хусусий шериклик орқали хусусий капитални мобилизация қилиш" тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида вазир ўринбосари Жасурбек Чориев мамлакат транспорт тизимига хусусий инвестицияларни жалб этмай туриб, уни барқарор ривожлантириб бўлмаслигини таъкидлади.
Айни шу жиҳатни инобатга олган ҳолда мазкур тадбирдан асосий мақсад шаффоф ва ўзаро манфаатли давлат-хусусий шериклик орқали соҳага хусусий капитални жалб қилиш ва ушбу йўналишда ҳукумат, инвесторлар, операторлар ва молия институтлари билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш эканлигини маълум қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон авиация, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш ва автомобиль йўллари қурилишида янги имкониятлар яратиб, халқаро инвесторлар учун замонавий, қулай ва шаффоф бўлган муҳитни шакллантиряпти.
Иштирокчиларга янги лойиҳалари тақдим этилди: Янги Тошкент халқаро аэропортини қуриш ва минтақавий аэропортларни модернизация қилишдан тортиб, Тошкент – Андижон ва Тошкент – Самарқанд пуллик автомобиль йўлларини қуришгача.
Тошкент – Самарқанд тезюрар темир йўл магистрали лойиҳасини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу лойиҳа йўл вақтини 90 дақиқагача қисқартириш ва пойтахтни келажакдаги янги аэропорт билан боғлаш имконини беради.