Ўзбекистон Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Astana International Forum – 2025 доирасида Қозоғистонлик ҳамкасблари билан музокаралар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Astana International Forum – 2025 доирасида Қозоғистонлик ҳамкасблари билан музокаралар ўтказди.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги делегациясининг “Astana International Forum – 2025” доирасидаги иштироки давомида Агентлик директори Баходир Рахматов ва Қозоғистон Республикасининг Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раиси Асет Иргалиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувнинг асосий мавзуси ўлароқ 2024 йилда икки Агентлик ўртасида имзоланган Қўшма ҳаракатлар режасининг ижроси юзасидан фикр алмашилди. Томонлар эришилган натижаларни юқори баҳолаб, икки томонлама ҳамкорликни янги суръатда давом этиш истагини билдирди. Хусусан, Қозоғистон Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раиси ўзаро ҳамкорлик форматларини кенгайтириш, жумладан, қўшма таҳлилий ишлар ва ислоҳотларни режалаштиришнинг янги ёндашувлари юзасидан қатор амалий таклифлар билан бўлишди.
Ўз навбатида, Баходир Рахматов яқинда Тошкентда Қозоғистон Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги вакиллари иштирокида ўтказилган “Марказий Осиё – 2050” минтақавий форсайт-семинарининг натижалари ҳақида маълумот берди. Бундай тадбирлар минтақавий тенденцияларни тизимли таҳлил қилиш ва барқарор ривожланишнинг устувор йўналишларини мувофиқлаштириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Агентликлар раҳбарлари ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳам муҳокама қилиб, нафақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, балки уларнинг ижросини мониторинг қилиш муҳимлигини алоҳида қайд этдилар.
Учрашувда илгари сурилган асосий таклифлардан бири сифатида – халқаро форумлардан, жумладан “Astana International Forum”дан қўшма форсайт-тадбирларини ўтказиш учун самарали майдонча сифатида фойдаланиш ғоясини қайд этиш мумкин. Асет Иргалиевнинг таъкидлашича, бу каби ташаббуслар минтақавий кун тартибини шакллантириш ва Марказий Осиё учун долзарб масалалар бўйича “минтақавий ечимлар” ишлаб чиқишга хизмат қилиши мумкин.
Бундан ташқари, томонлар ўз мамлакатларидаги долзарб устувор йўналишлар юзасидан ахборот алмашдилар. Баходир Рахматов Ўзбекистонда электрон тўловлар улушини ошириш бўйича Агентлик томонидан олиб борилаётган комплекс ишлар ҳақида сўзлаб берди. Жумладан, Агентлик финтех-компаниялари, тадбиркорлар ва тегишли идоралар билан фаол мулоқот олиб бораётгани, бу эса рақамли трансформацияни жадаллаштиришга қаратилган янги механизмларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадини тасдиқлаб, икки идора ўртасида мунтазам мулоқотни фаоллаштиришга келишиб олдилар.