Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Yandex’га оид “ яширин солиқ имтиёзи” ҳақидаги маълумотларга изоҳ берди
Ўзбекистон Солиқ қўмитаси Yandex’га оид “ яширин солиқ имтиёзи” ҳақидаги маълумотларга изоҳ берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий тармоқларда Yandex компаниясига “ яширин солиқ имтиёзи” ажратилгани ҳақида тарқалган хабарларга жавобан Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ҳолатга ойдинлик киритди ва солиқ тизимининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъкидлади.
Қўмита расмий баёнотида айтилишича, ҳозирги рақамлаштириш шароитида фуқаролар ва ташкилотлар ўз солиқ мажбуриятлари ҳақидаги маълумотларни шахсий кабинетлар ва электрон маълумотлар базаси орқали реал вақт режимида кузатиб бориш имкониятига эга. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари кесимида солиқ тушумлари ўсиш динамикаси қўмита расмий ресурсларида инфографика шаклида эълон қилиниб боради.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида хизмат кўрсатиш соҳасида солиқ тўлови бўйича топ-20 йирик корхона рейтинги тақдим этилган бўлиб, унда YandexGo UB компанияси ҳам жой олган. Хусусан, компаниянинг ушбу даврдаги даромади 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 45,5 фоизга ошган.
Mahalliy bozorda “M Market” маркетплейсини ишга тушириш компания харажатларининг кўпайишига олиб келган ва улар компания даромадининг 51,1 фоизини ташкил этган. Қўмита баҳолашича, истеъмол бозорида янги лойиҳаларни ишга жорий этишда бундай харажатлар одатий ҳолдир.
Натижада, компаниянинг умумий солиқ тўловлари 2024 йилнинг январь–сентябрь ойларига нисбатан 14,3 млрд сўмга камайган, жумладан фойда солиғи 24,1 млрд сўмга қисқарган.
Солиқ қўмитаси солиқ масалалари бўйича аниқ ва тезкор маълумот тақдим этиш мақсадида ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари билан доимий ҳамкорликка шай эканлигини тасдиқлади.