Ўзбекистон — Сингапур: истиқболли ҳамкорлик янада кенгаяди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 20 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси Бобур Бекмуродовнинг Сингапурнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Зулкифли бин Баҳарудин билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида меҳмонга янги таҳрирдаги Конституцияси ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Элчи самимий қабул учун миннатдорлик билдирар экан, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона, илиқ ва ишончли алоқаларни алоҳида таъкидлади.
Учрашувда парламентлараро, шу жумладан халқаро парламент тузилмалари доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани, икки давлат раҳбарларининг яқин муносабати барча соҳадаги ўзаро ишончли парламентлараро шерикликни кенгайтиришда муҳим омил бўлаётгани эътироф этилди.
Томонлар парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни барча устувор соҳаларда ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.