Валюта курслари 05/09/2025
$1 – 12437.15
UZS – 0.51%
€1 – 14480.57
UZS – 0.39%
₽1 – 153.34
UZS – 0.14%
Қидириш
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг  2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг  2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг прокуратура органларининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, прокуратура органлари томонидан ҳисобот йилида ижтимоий соҳадаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, 489 нафар фуқарога 3,8 млрд сўмлик кечиктирилган иш ҳақи ва бошқа тўловлар ундириб берилган, шунингдек, 11,2 млрд сўмлик иш ҳақи ҳамда унга тенглаштирилган тўловлар талон-торож қилинганлиги аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган.

Қайд этилишича, иқтисодий соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш, айниқса, инвестиция дастурлари ижросини сўзсиз таъминлаш, энергия ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш, яширин иқтисодиёт шаклланишининг турли усул ва каналларини аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилган.

Тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг 29 451 нафарига қонун устуворлиги, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалий ёрдам кўрсатилган.

Прокурорларнинг суд процессларидаги иштироки, коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чоралар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш, тергов ва тезкор-қидирув фаолияти бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Сенаторлар томонидан прокуратура органларининг амалга оширган ижобий ишлари билан бир қаторда фаолиятнинг айрим йўналишларида назоратни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Хусусан, аҳоли соғлиғини сақлаш, репродуктив саломатлигини асраш, қолаверса юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида ўтказилган назорат тадбирлари етарли самара бермаганлиги, оналар ўлими сони Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида ошганлиги танқид қилинди.

Жиноятчиликка қарши курашиш, мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини сақлаш, тезкор-қидирув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятини юритишда ҳам камчиликлар мавжудлиги қайд этилди.

Жумладан, содир этилган 67 мингдан ортиқ жиноятларнинг қарийб 62 фоизининг олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил қилган.

Бундай жиноятларнинг умумий жиноятчилик кўрсаткичидаги улуши Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида 65 фоизга, Наманганда эса қарийб 70 фоизга етган.

Сенаторлар прокуратура органлари томонидан соғлиқни сақлаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатиш, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида назоратни янада кучайтириш бўйича тавсияларини берди.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг