Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги Anuvu компанияси билан ҳамкорлик қилишга келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси АҚШда Anuvu компанияси раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда компаниянинг Бош ижрочи директори Жош Маркс ва Вице-президенти Карл Кеппке иштирок этдилар.
Суҳбат давомида Anuvu компаниясининг асосий фаолият йўналишлари ва хизматлари, жумладан, самолётларда йўлдош алоқаси, Ви-Fi ва кўнгилочар медиа қурилмаларини жорий этиш, йўлдош хизматлари ҳамда ер усти инфратузилмаси яратиш соҳаларидаги тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Компания дунё бўйлаб 17 та офис, 2 та тармоқ бошқарув маркази ва 22 та телепортга эга бўлиб, 50 дан зиёд йўлдош хизматларини тақдим этмоқда ва ўнлаб авиакомпанияларга хизмат кўрсатмоқда.
Музокаралар якунида Anuvu компанияси Ўзбекистон Республикаси авиакомпаниялари самолётларида йўлдош алоқасини жорий этиш бўйича «UZ-SАТ» МЧЖ билан ҳамкорликда ишларни амалга оширишига келишилди.