Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари Кореядаги органик деҳқончилик тажрибасини ўргандилар
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари Кореядаги органик деҳқончилик тажрибасини ўргандилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбар ходимларининг билим ва малакаларини оширишга қаратилган навбатдаги “Касбий маърифат” соати ташкил этилди.
Унда Экологик дипломатия ва глобал иқлим ўзгаришлари шароитида био деҳқончиликни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Ўткирбек Рахимов “Кореянинг Жеонбук халқаро ҳамкорлик агентлиги (JBICA) билан ҳамкорликда Жеонбук шаҳрида ўтказилган семинар якунларида ўрганилган илғор тажрибалар” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди.
Тақдимот давомида Жеонбук тажрибаси асосида био деҳқончиликни йўлга қўйиш, органик ўғитлар қўллаш, сув тежовчи ирригация усуллари, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва маҳаллий фермерлар билан давлат институтлари ўртасида ҳамкорлик механизми каби муҳим йўналишлар бўйича амалий мисоллар келтирилди.
Шунингдек, Кореяда қўлланилаётган рақамли мониторинг тизимлари, био маҳсулотлар сертификацияси ҳамда бозор талабига мос экспорт механизмлари юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Халқаро тажрибадаги самарали усуллар шарҳланиб, уларни маҳаллий амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди, ходимлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш ва масъулиятни ошириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Бу каби маърифий учрашувлар ходимларнинг профессионал кўникмаларини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий онгини юксалтириш мақсадида мунтазам равишда ташкил этилиб келинмоқда.