Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича B5+1 форумида иштирок этди
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича B5+1 форумида иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 4–5 февраль кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган «С5+1» формати доирасидаги B5+1 иккинчи ишбилармонлик форуми бўлиб ўтмоқда.
Нуфузли тадбирда Ўзбекистон делегацияси таркибида Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров ҳам иштирок этмоқда.
Минтақа мамлакатлари ва АҚШнинг давлат идоралари, халқаро молия институтлари, бизнес уюшмалари ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирок этаётган форум доирасида савдо ва инвестиция, рақамли технологиялар, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.
Форумда Ўзбекистон АҚШ компаниялари учун истиқболли ва ўсиб бораётган бозор экани таъкидланиб, мамлакатимиз АҚШ технологиялари ва ускуналарига катта қизиқиш билдираётганини қайд этди. Шунингдек, танқидий минераллар соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.
B5+1 форуми АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида давлат-хусусий шерикликни мустаҳкамлаш, аниқ инвестициявий ташаббусларни илгари суриш ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида самарали мулоқот майдонини яратишга хизмат қилмоқда.