Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири глобал зайтун форумида иштирок этмоқда
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири глобал зайтун форумида иштирок этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Испаниянинг тарихий Кордова шаҳри бугун муҳим халқаро тадбирга мезбонлик қилди. Халқаро Зайтун Кенгашининг 122-сессияси “Palacio de la Merced” мажмуасида гибрид форматда ўтказилиб, унда IOCга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ҳамда соҳа экспертлари иштирок этди. Ушбу йирик анжуманда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирок этди.
Сессия давомида аъзолар ваколатларини тасдиқлаш, 2025–2026 йиллар учун устувор йўналишларни белгилаш, халқаро келишувлар бўйича таклифларни кўриб чиқиш, молиявий ҳисоботлар, банк ҳаракатлари ва 2026 йилга мўлжалланган қарор лойиҳаларини муҳокама қилиш каби қатор масалалар кўриб чиқилди.
IOC Ижро директори Жайме Лилло йиғилишда зайтунчилик бозоридаги глобал ўзгаришлар, иқлим шароитининг кескинлашуви фонида барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш зарурати ва халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Ўзбекистоннинг ушбу сессиядаги иштироки, аввало, зайтунчилик йўналишида халқаро тажрибани ўрганиш, замонавий агротехнологияларни амалиётга татбиқ этиш, қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, маҳсулот сифатини жаҳон стандартларига мослаштириш ҳамда минтақавий ва глобал ҳамкорликни кучайтириш каби устувор йўналишларда муҳим аҳамият касб этди.
Делегация иштироки орқали мамлакатимиз нафақат халқаро майдонда ўз мавқеини мустаҳкамлади, балки соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни жаҳон тенденциялари билан уйғунлаштиришга тайёрлигини ҳам намоён қилди.
Халқаро Зайтун Кенгашининг 122-сессияси зайтунчиликда инновациялар, барқарорлик ва самарадорлик тамойилларини белгилаб берган муҳим мулоқот майдони бўлди. Ўзбекистон эса ушбу жараёнларда фаол иштирок этишга, зайтунчиликнинг миллий ривожланиш дастурларини халқаро тажриба билан бойитишга ва соҳани янги босқичга олиб чиқишга интилаётганини яна бир бор тасдиқлади.