Валюта курслари 02/09/2025
$1 – 12460.70
UZS – -0.17%
€1 – 14545.38
UZS – 0.03%
₽1 – 155.06
UZS – -0.11%
Қидириш
Ўзбекистон Президенти Хитой Давлат кенгаши Бош вазири билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон Президенти Хитой Давлат кенгаши Бош вазири билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон Президенти Хитой Давлат кенгаши Бош вазири билан учрашув ўтказди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пекин шаҳрига расмий ташриф доирасида 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашуви бўлиб ўтди.

Кўп қиррали амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари ХХР Давлат кенгаши Бош вазири ва бутун Хитой халқини буюк Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь саммити муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.

Икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон – Хитой муносабатлари янги даврда барча шароитларда стратегик шериклик ва кўп қиррали “етук” ҳамкорлик даражасига кўтарилгани таъкидланди.

Ўтган йили товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди ва барқарор ўсишда давом этмоқда. Бу кўрсаткични маҳсулот етказиб беришни кўпайтириш, экспорт ва импорт мутаносиблигини таъминлаш орқали 20 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди.

Шу мақсадда Ўзбекистонда стандартларни уйғунлаштириш ва маҳсулотларни Хитой талаблари асосида сертификациялаш учун қўшма Квант метрология маркази ва Минтақавий саноат стандартлаштириш марказини очиш таклиф қилинди.

Қўшма лойиҳалар портфели 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.

Бу галги ташрифга тайёргарлик доирасида “яшил” энергетика, геология, кимё, ноёб металларни чуқур қайта ишлаш, кўмир кимёси, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва рақамлаштириш, қишлоқ ва сув хўжалиги, уруғчилик, агровольтаика соҳаларида янги лойиҳа таклифлари шакллантирилди.

Илмий тадқиқотлар ва истиқболли стартапларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон – Хитой сунъий интеллектни ривожлантириш марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Камбағалликка қарши курашиш бўйича махсус қуйи қўмита йиғилиши ва жорий йилда Ўзбекистонда ўтказилаётган иккинчи Ҳудудлар форуми якунларига юқори баҳо берилди.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича Ўзбекистон пудрат ташкилотларини жалб этган ҳолда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бу галги ташриф доирасида Маданият марказларини ўзаро очиш тўғрисида битим имзолангани мамнуният билан қайд этилди.

Жорий йил Ўзбекистонда иккинчи Таълим форуми бўлиб ўтади. Чунцин шаҳрида илк бор Касб-ҳунар таълими форуми ўтказилди, ушбу йўналишда “Ўзбекистон – Хитой альянси” тузилди. Ўзбекистон ҳудудларида “Лу Бань устахоналари” очилади.

Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтлари самарали фаолият юритаётгани таъкидланди.

Томонлар авиақатновлар сонини янада кўпайтириш ва сайёҳлар алмашинувини фаоллаштириш муҳимлигини қайд этдилар.

Якунда Президентимиз ХХР Давлат кенгаши Бош вазирини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг