Ўзбекистон Президенти ва Кувайт Давлати Валиаҳди ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди
Ўзбекистон Президенти ва Кувайт Давлати Валиаҳди ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Кувайт Давлати Валиаҳди Шайх Сабоҳ ал-Ҳолид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан телефон орқали суҳбатлашди.
Мулоқот чоғида охирги кунларда Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашаётгани, мамлакатдаги турли инфратузилма объектларига берилган зарбалардан жиддий хавотир билдирилди. Бундай салбий ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ва ушбу синовли дамларда Ўзбекистон биродар Кувайт халқи билан бирдам ҳамда елкадош экани таъкидланди.
Аҳолининг тинчлиги ва осойишталигига жиддий хавф туғдирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги қайд этилди.
Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари бу ерда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий ёрдам учун алоҳида ташаккур айтди. Шунингдек, Кувайт Амири Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ Аъло Ҳазратларига илиқ саломларини йўллади.
Ўз навбатида Кувайт Валиаҳди ҳозирги қийин вақтда изҳор этилган дўстона қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик туйғулари учун Ўзбекистон етакчисига мамлакат раҳбарияти ва халқи номидан чуқур миннатдорлик изҳор этди.
#Шавкат Мирзиёев