Ўзбекистон Президенти Россия делегациясини қабул қилди
Ўзбекистон Президенти Россия делегациясини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 декабрь куни Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Россиянинг Нижний Новгород ва Омск вилоятлари, Бошқирдистон ва Красноярск ўлкаси раҳбарлари ҳам иштирок этдилар.
Суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Россия Президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Олий даражадаги учрашувлар натижаларига кўра эришилган келишувларни қабул қилинган “йўл харитаси” асосида амалга оширилиши муҳокама қилинди.
Савдо ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, саноат, энергетика, транспорт, металлургия, кимё ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, жумладан, саноат зоналари доирасидаги кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, ҳудудлар ва бизнес даражасида фаол ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳим экани таъкидланди.
Шу маънода, бугун Тошкентда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилиши ва ишбилармонлик тадбирларининг натижалари юқори баҳоланди.
Шунингдек, учрашув доирасида Россиянинг етакчи компаниялари раҳбарлари Президентимизга ахборот технологиялари, энергетика, электротехника, машинасозлик, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режаларни тақдимот қилдилар.
#Шавкат Мирзиёев