Валюта курслари 10/10/2025
$1 – 12123.38
UZS – 0.43%
€1 – 14094.64
UZS – 0.56%
₽1 – 149.19
UZS – 0.8%
Қидириш
Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қайд этди

Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қайд этди

Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қайд этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё - Россия" форматидаги иккинчи саммитда иштирок этди.

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, кўп томонлама шерикликни янада ривожлантириш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида Россия Президенти Владимир Путинга Марказий Осиё билан кенг кўламли стратегик шерикликни ривожлантириш тарафдори бўлиб келаётгани учун миннатдорлик билдириб, унинг табиий шериклар бўлган мамлакатларимиз ҳамкорлигига янги суръат беришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

- Россия биз учун муҳим, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолишини таъкидлайман. Умумий тарих, кўп асрлик алоқалар, халқларимизнинг маданий ва дунёқараш жиҳатдан яқинлиги, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлар бундай ҳамкорликнинг мустаҳкам ва ўзгармас асоси ҳисобланади, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Жаҳон иқтисодиётидаги тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик ва инқирозли ҳолатлар, шунингдек, юзага келаётган янги хавф-хатар ва таҳдидлар "Марказий Осиё - Россия" форматида янада яқин мувофиқлашув ва ҳамкорликни тақозо этаётгани қайд этилди.

Шу маънода, Ўзбекистон етакчиси минтақа мамлакатларининг Россия билан ҳамкорлиги истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Энг аввало, тизимли сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва аниқ натижага қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.

Шу боис, Ўзбекистон Президенти ҳар йили олий даражадаги учрашувларни, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар ва ҳудудларнинг мунтазам мулоқотларини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.

2027 йилга қадар қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, давлатимиз раҳбари амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган янада батафсил "йўл харитаси"ни тайёрлашни таклиф этди.

Топшириқларни ўз вақтида бажариш, минтақавий аҳамиятга молик дастур ва лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда жадаллаштириш мақсадида ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш муҳимлиги қайд этилди.

Иқтисодий шерикликни тубдан кенгайтириш минтақа билан Россия ҳамкорлигининг асосий йўналиши бўлиши керак. Ўзаро савдо кўрсаткичларида ижобий суръат кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, ўтган йил ва жорий йилда Ўзбекистоннинг Россия ва минтақа мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизгача ошди.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти доирасида товар айирбошлаш ҳажмини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Бозорларга киришни ўзаро енгиллаштириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш, "Марказий Осиё – Россия агроэкспресси" лойиҳасини ишга тушириш шулар жумласидан.

Давлатимиз раҳбари мамлакатларимиз транзит-транспорт салоҳиятидан, энг аввало, "Шимол - Жануб" йўлаги доирасида самарали фойдаланиш ғоят муҳим эканини таъкидлади.

- Биз автомобиль, темир йўл ва авиация алоқалари соҳасида миллий дастурларни уйғунлантириш ва шу асосда инфратузилмавий шерикликнинг комплекс режаси – мамлакатларимиз Транспорт-логистика контурини ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Ташқи хавф-хатарларга нисбатан барқарор бўлган интеграциялашган, ўзаро боғлиқ минтақавий транспорт инфратузилмасини шакллантириш бизнинг пировард мақсадимиз бўлиши зарур, - деди Президент.

Яна бир устувор йўналиш сифатида барқарор ишлаб чиқариш занжирларини яратиш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш белгиланди. Шу маънода, бугунги кунда Ўзбекистон Россиянинг етакчи компаниялари билан саноат кооперациясини фаол кенгайтираётгани, газ-кимё тармоғида йирик стратегик лойиҳалар амалга оширилаётгани, замонавий мис бойитиш хаби ташкил этилаётгани таъкидланди.

Шу билан бирга, машинасозлик, аниқ асбобсозлик, кимё, электротехника, тоғ-кон ва бошқа тармоқларда ҳамкорликни кластер асосида кенгайтириш учун улкан захиралар борлиги кўрсатиб ўтилди.

Етакчи корхоналар ва хусусий секторнинг инновацияларга йўналтирилган кооперациясини рағбатлантириш мақсадида Бухоро шаҳрида илғор муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва кўпайтириш учун ноёб технологик майдон бўлиши мумкин бўлган "Марказий Осиё - Россия" саноат инжиниринг хабини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Мамлакатимиз етакчиси Тошкентдаги “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазма-форуми имкониятларини максимал даражада ишга солиш муҳимлигини таъкидлади.

Жорий йил апрель ойида ўтказилган бешинчи кўргазмада 35 мамлакатдан 10 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди. 5 миллиард долларлик битимлар тузилди. Ушбу тадбирга "Марказий Осиё - Россия" мулоқоти форматидаги бош индустриал ва инновацион майдон мақомини бериш таклиф қилинди.

Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, Россия билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бундан буён ҳам минтақа барқарорлигининг омили бўлиб қолади. Бугунги кунда газ қувурлари ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

- Шу кунларда тарихий бир воқеа бўлиб ўтади – Ўзбекистонда барпо этиладиган атом электр станциясининг биринчи реактори ва кўптармоқли ядро тиббиёти маркази қурилиши бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга старт берилади, - деди Президент.

Ушбу йўналишда кенг илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш - Ўзбекистонда Атом энергетикаси бўйича минтақавий компетенциялар марказини таъсис этиш, шунингдек, Москва муҳандислик-физика институтининг Тошкент филиали негизида Кадрлар тайёрлаш дастурини қабул қилиш таклиф қилинди.

Углеводородларни излаш ва қайта ишлаш, электр энергетикасини модернизация қилиш, энергия тежамкор ечимларни жорий этиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш нияти билдирилди.

Илғор билим ва технологиялар трансфери, қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва илгари суриш мақсадида "Марказий Осиё - Россия энергетика шериклиги" комплекс дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Инновациялар соҳасида "Сколково" марказининг минтақа мамлакатларида филиалларини очиш таклиф этилди.

Шунингдек, етакчи марказлар, ташкилотлар ва IT компаниялар даражасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва лойиҳавий ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берувчи Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича минтақавий эксперт кенгашини таъсис этиш зарурлиги қайд этилди.

Гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ҳар йили Этномаданият форуми - Марказий Осиё ва Россия халқлари маданияти, санъати ва ижоди фестивалини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Бундан ташқари, дуал ва профессионал таълим тизимини жорий этиш, фундаментал илмий ишланмаларни амалга ошириш учун етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот тузилмаларининг салоҳиятини бирлаштиришга қаратилган "Келажак муҳандислари" илмий-таълим консорциумини ишга тушириш таклиф қилинди. Минтақа мамлакатларида муваффақиятли фаолият юритаётган Россия университетларининг филиаллари Консорциумнинг интеллектуал базаси бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Ўзбекистонда уларнинг сони 15 тани ташкил этади.

Шунингдек, Марказий Осиё ва Россиянинг ёш тадқиқотчи ва олимлари учун махсус грант дастурини таъсис этиш таклиф қилинди.

Ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун болалар ва оналар саломатлигини муҳофаза қилиш, меҳнат миграцияси соҳасида ижтимоий мослашувга кўмаклашиш, шунингдек, минтақавий йўналишлар асосида сайёҳлар оқимини кенгайтириш бўйича дастурлар қабул қилиш долзарблиги кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон Президенти минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталди.

- Терроризм, экстремизм, радикализм, уюшган жиноятчилик, одам савдоси ва наркотрафикларга қарши курашда махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг яқин ҳамкорлигини янада кенгайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз. Янги кибертаҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича биргаликда чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз, - деди мамлакатимиз етакчиси.

Ҳамкорликни кенгайтириш ва Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кўмаклашиш борасидаги ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида олий даражадаги маслаҳатлашувлар ўтказиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди. Ушбу учрашувлар кун тартибидан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, ушбу мамлакат барқарорлиги ва тараққиётини таъминлашга қаратилган иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ўрин олиши мумкин.

Сўзининг якунида Ўзбекистон Президенти минтақанинг барча мамлакатлари хавфсизлиги, барқарор тараққиёти ва равнақини таъминлаш йўлида Россия билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилиши қатъий эканини яна бир бор таъкидлади.

Саммит давомида бошқа давлатлар раҳбарлари ҳам сўзга чиқди.

Тадбир якунида Қўшма коммюнике ва устувор йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича 2025 - 2027 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг