Ўзбекистон Президенти давлат идораларида 2 мингдан ортиқ бошқарув лавозимларини қисқартиришни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президентининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Президент Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг республика ижро этувчи ҳокимият органларига юклатилган вазифа ҳамда функцияларни рақамлаштириш ҳисобига уларнинг бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш тўғрисидаги таклифини маъқуллади.
Фармон билан ижро ҳокимиятининг 2141 та штат бирлиги қисқартирилади.
Энг кўп қисқартириш Солиқ қўмитаси (498 та), Сув хўжалиги вазирлиги (224 та), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (200 та) ҳамда Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (163 та)га тўғри келади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида 176 та, Адлия вазирлигида эса 197 та штат бирлиги қисқартирилади.
Бундан ташқари, қатор қўмита, агентлик ва инспекцияларда раҳбар ўринбосарлари лавозимидан иборат 16 та штат бирлиги бекор қилинади.