Ўзбекистон Покистоннинг The Searle Company Limited фармацевтика компанияси билан инвестиция масалаларини муҳокама қилмоқда
Ўзбекистон Покистоннинг The Searle Company Limited фармацевтика компанияси билан инвестиция масалаларини муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Покистон Республикасига хизмат сафари доирасида навбатдаги учрашув мамлакатнинг яна бир етакчи фармацевтика компанияларидан - "The Searle Company Limited" раҳбарияти билан бўлиб ўтди.
Учрашув давомида компания фаолияти, ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда маҳсулот портфели тақдим этилди. Қайд этилганидек, "The Searle Company Limited" кардиология, антиинфекцион препаратлар, марказий асаб тизими, витаминлар, шунингдек, рецептурали дори воситалари, OTC маҳсулотлар ва нутрицевтикалар ишлаб чиқариш йўналишларида мустаҳкам ўринга эга.
Музокаралар чоғида фармацевтика соҳасида ҳамкорлик истиқболлари, инвестициявий имкониятлар ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Агентлик томонидан компаниянинг Ўзбекистон бозорига кириши, маҳаллий фармацевтика тармоғида иштирокини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
The Searle Company Limited - 1965 йилда ташкил этилган, штаб-квартираси Карачи шаҳрида жойлашган, Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига маҳсулот экспорт қилувчи етакчи фармацевтика компаниясидир.