Ўзбекистон Осиё ва Тинч океани минтақаси Аксилкоррупция ташаббуси аъзосига айланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шу кунларда Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё ва Тинч океани минтақаси учун Аксилкоррупция ташаббусининг (ACI) “Ҳалоллик — ижтимоий ривожланиш ва иқтисодий ўсиш катализатори” мавзусига бағишланган 12-минтақавий конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси мазкур тузилма аъзолигига қабул қилинди.
ACI Бошқарув гуруҳи қарори билан Ўзбекистон ушбу тузилманинг 35-аъзо мамлакатига айланди.
Маълумот учун: Аксилкоррупция ташаббуси (ACI) 1999 йилда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ҳамкорлигида ташкил этилган. АСИнинг асосий мақсади — БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини самарали амалга ошириш орқали минтақадаги давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш салоҳиятини ошириш, ҳалоллик, шаффофлик ва ҳисобдорликни мустаҳкамлашдир.
Бугунги кунда ташаббусга 34 давлат аъзо бўлиб, улар орасида Цингапур, Грузия, Индонезия, Малайзия, Япония, Корея Республикаси, Австралия, Ветнам, Озарбайжон ва бошқа Осиё–Тинч океани мамлакатлари бор.
ACI доирасида минтақавий конференциялар, семинарлар, эксперт учрашувлари ҳамда давлатлараро тажриба алмашувлари ўтказиб келинади.
Анжуман доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Умида Тухташева сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг мазкур Ташаббусга қўшилиши соҳада халқаро стандартларни миллий амалиётга татбиқ этиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқишга катта туртки беришини қайд этди ва мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, коррупцияга қарши курашиш, шу жумладан манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш борасидаги чоралар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари Индонезия Коррупцияни бартараф этиш комиссияси билан учрашув ўтказиб, икки мамлакат давлат органларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган чораларни мувофиқлаштириш, ёшларни ҳалоллик руҳида ўқитиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш юзасидан идоралараро қўшма ҳужжат ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олдилар.