Ўзбекистон омбудсмани крипто фирибгарлик қурбони бўлган фуқарога 115 минг доллар қайтариб беришга ёрдам берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) аппаратига фуқаро М.П. мурожаат қилиб, фирибгарлик ҳаракатларидан жабр кўргани ва катта миқдорда пул йўқотганини маълум қилди, деб хабар бермоқда омбудсман матбуот хизмати.
Аризачининг сўзларига кўра, 2024 йил декабрь ойида ўзларини Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Марказий банк ходимлари сифатида таништирган шахслар уни криптовалюта орқали 170 минг доллар ўтказишга кўндиришган. Шу мақсадда М.П. автомобили ва уйини сотган, жамғарма маблағларини ишлатган ҳамда кредитлар олган.
2024 йил декабрда Киберхавфсизлик марказига мурожаатдан сўнг жиноят иши қўзғатилган. Омбудсман ташаббуси билан ўтказилган текширув натижасида Киберхавфсизлик бош бошқармаси криптодўконидан М.П. фойдасига 115 минг доллар (1 434 625 000 сўм) ундириб берди.
Омбудсман таъкидлашича, фирибгарлик юзасидан кўплаб шикоятлар келиб тушади, аммо кўп ҳолларда пулларни қайтариш имкони бўлмайди. Шу боис фуқаролардан ҳушёр бўлиш ва фирибгарларнинг чақириқларига алданмаслик сўралди.
Хусусан, ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки банк ходими сифатида таништириб, шахсий рақамлардан қўнғироқ қилиб пул ўтказиш ёки маълумот беришни талаб қилувчи шахсларга ишонмаслик; телефон орқали паспорт маълумотлари, ID-карта, банк карталари реквизитлари, PIN-кодлар ва SMS-кодларни ошкор этмаслик; криптовалюта орқали пул ўтказиш талаб қилинса, дарҳол мулоқотни тўхтатиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш; шубҳали ҳолатларда эса маълумотни фақат давлат органларининг расмий каналлари орқали текшириш тавсия этилмоқда.