Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Венгрия билан спорт соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов Венгриянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Йожеф Роже билан учрашув ўтказди.
Томонлар спорт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. Венгрия элчиси сўнгги йилларда ўзбек спортининг салмоқли ютуқларини таъкидлаб, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида, Ойбек Қосимов венгр тажрибасини ўрганиш Ўзбекистонда жамоавий ва сув спорт турларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этди.
Учрашувда миллий терма жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашувларини ўтказиш, қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш ва мутахассислар алмашинуви масалалари ҳам муҳокама қилинди.