Ўзбекистон меҳмондўстлиги Буюк Британия аҳолисида унутилмас таассурот қолдирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туризм қўмитаси томонидан 2025 йилнинг 5-17 июнь кунлари Англия, Уэлс ва Шотландиянинг 6 та йирик ва тарихий шаҳарларида (Эдинбург, Манчестер, Ливерпул, Кардифф, Оксфорд ва Лондон) “Ўзбекистон карвони” маданият ва таомлари сафари ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, юртимиз нуфузини ошириш, мамлакатимизга сайёҳлар ташрифини кўпайтириш ва Буюк Британия жамоатчилиги билан икки томонлама маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида машҳур ошпаз Бахриддин Чустий ва Лондондаги «ОшПаз» ўзбек миллий таомлари ресторани жамоаси томонидан “Ўзбекистон карвони” маданият ва таомлари сафари доирасида меҳмонларга ўзбек миллий таомлари тақдим этилди ва юртимиз муҳим саёҳат манзили сифатида яқиндан таништирилди.
“Ўзбекистон карвони” ташриф буюрган ҳар бир манзилда хорижликлар томонидан байрамона кайфиятда кутиб олинди. Ўзбек миллий куй-қўшиқлар, бой маданиятимиз унутилмас таассурот қолдирди. Ошпазларимиз томонидан тайёрланган таомлар эса барчага манзур бўлди.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон карвони” маданият ва таомлари сафари жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳридаги машҳур “Tower Bridge” олдида “Potters Field Park” хиёбонида Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилаётган анъанавий Ўзбекистон туризми, маданияти ва миллий таомлари фестивали билан якунланади.
Мазкур тадбирлар келгусида Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада ошириб ўзаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашга ва сайёҳлар оқимини орттиришга улкан ҳисса қўшади.