Ўзбекистон «INNOPROM. Belarus» кўргазмаси доирасида ўзининг аграр салоҳиятини намойиш этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 29 сентябридан 1 октябригача Беларус пойтахти Минск шаҳрида ўтказилаётган “INNOPROM. Belarus” халқаро саноат кўргазмасида “Made in Uzbekistan” миллий павилони ўзининг ёрқин иштироки билан алоҳида эътибор қозонди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўргазмада алоҳида стенд билан қатнашиб, мамлакатимизда етиштирилган сархил мева-сабзавот ва полиз экинлари — анор, узум, хурмо, қовун, тарвуз, шунингдек, қуритилган ва сублимация қилинган маҳсулотлар, қайта ишланган саноат товарлари ҳамда виночилик соҳасидаги ютуқларини намойиш этди.
Кўргазма очилиш маросимида “Made in Uzbekistan” миллий павилонига юқори мартабали меҳмонлар ташриф буюрдилар. Улар орасида Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Бош вазирлари ҳам бор эди. Меҳмонлар ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини татиб кўриб, уларнинг сифати ва табиийлигини юксак баҳоладилар. Шунингдек, улар бугунги кунда Ўзбекистон аграр тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот олдилар.
Минскдаги "BELEXPO" кўргазма марказида 20 минг квадрат метр майдонда ташкил этилган мазкур анжуманда Россия, Беларус, Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан 510 дан ортиқ компания ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда.
Ўзбекистон павилонида Беларус ва бошқа МДҲ давлатларининг етакчи компаниялари билан самарали музокаралар ўтказилди. Жумладан, Беларуснинг “FruitReal”, “BelExport”, “Minskiy zavod igristix vin”, Россиянинг “Rusagromarket” вa “SolomonFood” компаниялари билан Ўзбекистоннинг “Shato Sogdiana”, “Hamkor Group” ҳамда “Sulton Sharob” корхоналари ўртасида қуритилган мева-сабзавотлар ва вино хомашёси бўйича қарийб 3 миллион долларлик келишувлар имзоланди.
Бу ҳамкорликлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро бозорларда кенг тарғиб этиш, уларнинг сифатини жаҳон андозалари даражасида танитишга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.