Ўзбекистон элчиси Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги сиёсий директори билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг сиёсий директори ўринбосари Шарлотта Пьер билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Суҳбат давомида Британия томонига Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Томонлар Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари хусусида фикр алмашди.
Юқори ва олий даражадаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ўзаро алоқаларни диверсификация қилиш, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар юқоридаги йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш қаратилган амалий чора-тадбирларни муҳокама қилиш мақсадида дипломатик мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.