Ўзбекистон делегацияси трансчегаравий наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида АҚШ тажрибасини ўрганмоқда

Ўзбекистон делегацияси трансчегаравий наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида АҚШ тажрибасини ўрганмоқда

Ўзбекистон делегацияси трансчегаравий наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида АҚШ тажрибасини ўрганмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни кунларда мамлакатимизнинг мутасадди вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат делегация трансчегаравий уюшган наркожиноятларга қарши курашиш соҳасидаги хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида Америка Қўшма Штатларида амалий ташриф билан бўлиб турибди.

Божхона қўмитаси томонидан қўмита Раиси ўринбосари Отабек Чориев ҳамда ушбу соҳанинг ваколатли мутахассислари иштирок этишмоқда.

Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад – трансчегаравий уюшган наркожиноятларга қарши курашишда илғор хорижий тажрибани ўрганиш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида идоралараро ва трансчегаравий ҳамкорлик амалиётини ўрганиш ҳамда соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Дастур доирасида INL, CT, EXBS, CDP вa SCA каби бюролар раҳбарлари билан моддий-техник базани яхшилаш ва кадрлар малакасини ошириш бўйича янги лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда DEA, FBI ва Ички хавфсизлик департаменти (DHS) билан Интернетдаги наркожиноятларни аниқлаш ва янги молиявий механизмларга қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш каби муҳим учрашув ва тадбирлар режалаштирилган.

Делегация аъзолари АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг консептуал асослари билан яқиндан танишиш мақсадида бир қатор объектларга ташриф буюришлари назарда тутилган.

Жумладан, экспорт назорати ва чегара хавфсизлиги дастури (EXBS) доирасида учрашувлар, Сан-Исидро чегара божхона постида чегара назоратини ташкил этиш, АҚШ Божхона ва чегара хизматининг жанубий-ғарбий чегаралари бўйлаб танишувлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Мазкур ўрганишлар давомида контрабанда йўналишларини аниқлаш ва уларни тўхтатишда қўлланилаётган замонавий усуллар билан яқиндан танишиш кўзда тутилган.

Шунингдек, ташриф дастуридан FBI академияси, DEA ўқув маркази, Нью-Йорк полиция департаменти ҳамда Нью-Йоркнинг Жанубий округи прокуратураси фаолиятини ўрганиш жой олган.

Ушбу амалий ташриф якунлари бўйича республика ҳуқуқ-тартибот идоралари олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини такомиллаштириш ва наркотикларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашишда янги стратегик ёндашувларни жорий этиш кутилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг