Ўзбекистон Брюсселда озиқ-овқат банклари тажрибасини ўрганди
Ўзбекистон Брюсселда озиқ-овқат банклари тажрибасини ўрганди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги вакилларидан иборат делегация Брусселс шаҳрида жойлашган European Food Banks Federation'га 31 март — 5 апрель кунлари ўқув-амалий ташрифни амалга оширди.
Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад — озиқ-овқат банклари тизимини ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш, ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини самарали бошқариш ҳамда уларни эҳтиёжманд аҳоли қатламларига манзилли етказиб бериш механизмларини чуқур таҳлил қилишдан иборат бўлди.
Ташриф давомида делегация аъзолари томонидан озиқ-овқат банклари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, логистика ва сақлаш жараёнлари, донор ташкилотлар (ишлаб чиқарувчилар, савдо тармоқлари ва умумий овқатланиш субъектлари) билан ҳамкорлик механизмлари, шунингдек, волонтёрлик тизимини йўлга қўйиш бўйича Европа тажрибаси атрофлича муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, European Union (Эвропа Иттифоқи) мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат исрофини камайтириш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашда озиқ-овқат банкларининг ўрни ва аҳамияти юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистонда озиқ-овқат банклари тизимини босқичма-босқич жорий этиш, ушбу йўналишда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, “Ижтимоий ҳимоя реестри” билан интеграцияни таъминлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Ташриф натижалари мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат маҳсулотларидан оқилона фойдаланиш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.