Ўзбекистон Афғонистондаги зилзила қурбонларига гуманитар ёрдам юборди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, халқимизга хос бағрикенглик ва ҳамдардлик рамзи сифатида Кунар ва Нангарҳор вилоятлари аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами юборилди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмлар ортилган 300 тоннага яқин юк Ўзбекистон халқи номидан Балх вилоятига етказилди.
Ҳайратон шаҳридаги «Астрас» компанияси ҳудудида инсонпарварлик ёрдами топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис ҳамда икки томон расмийлари иштирок этди.
Юборилган ёрдам таркибидан ун, гуруч, шакар, тушёнка, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ёғ, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош, қадоқланган ичимлик суви, 5 мингта ёпинғич ҳамда 10 тоннадан ортиқ дори воситалари ва тиббий буюмлар ўрин олган.
Афғонистон расмийлари Ўзбекистон Президенти ва халқига кўрсатилаётган бундай инсонпарварлик ёрдами учун чуқур миннатдорлик изҳор этдилар.
Аввалроқ Афғонистоннинг шарқий тоғли ҳудудларида зилзила оқибатида 2200 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани ва 3600 киши жароҳатлангани хабар қилинганди.