"Ўзатом" ва Assystem Тошкентда қўшма корхона тузади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги («Ўзатом») ва Франциянинг инженерия компанияси Assystem қўшма корхона тузишни назарда тутувчи англашув меморандумини имзоладилар.
Ҳужжат агентлик бош директори Азим Ахмедхожаев ва Assystem компаниясининг халқаро лойиҳалар бўйича катта вице-президенти Кристиан Жанно ўртасида бўлиб ўтган расмий учрашув чоғида имзоланди. Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик истиқболларини муҳокама қилдилар. Мазкур шериклик Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш ҳамда илғор технологик ечимларни жорий этишга қаратилган.
Режалаштирилаётган қўшма корхона қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
атом электр станцияси қурилишига техник ҳамроҳлик қилиш,
муҳандислик ечимларини танлашда экспертлар ёрдамини кўрсатиш,
ечимларни умумий лойиҳа концепциясига интеграция қилиш,
фуқаролик ядровий дастурини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш.
Маълумот учун:
Assystem — Парижда жойлашган мустақил халқаро муҳандислик гуруҳи бўлиб, асосан ядровий энергетика соҳасидаги мураккаб саноат объектларини лойиҳалаш, қуриш, назорат қилиш ва ишга тушириш билан шуғулланади. Компания ядровий инфратузилмани яратиш бўйича жаҳондаги асосий лойиҳаларда қатнашиб келмоқда.
Assystem дунёдаги атом соҳасида фаолият юритувчи йирик мустақил муҳандислик компаниялари орасида учинчи ўринни эгаллаб, бутун дунёда энергетика лойиҳаларини амалга оширишда ишончли ҳамкор сифатида ўзини намоён этган.